Мамлакатимизда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, тадбиркорлик субъектларига илмий асосланган ахборот, замонавий хизматларни кўрсатиш, илм-фан ютуқлари, ресурстежамкор ва инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экинлар ҳолатини назорат қилишда рақамли ахборот тизимларини жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий рақамли технологиялар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ерларнинг мелиоратив ҳолати ва шўрланиш даражасини мониторинг қилиш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, тупроқни таҳлил қилишнинг мобил лабораториялари фаолиятини кенгайтириш орқали тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда суғориш ва ўғитдан фойдаланишнинг самарали амалиётини жорий этиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш чораларини кўриш, қишлоқ хўжалигида майдонларни масофадан кузатиш тизимини жорий этиш мақсадида замонавий дрон (ўзи учар қурилмалар) технологияларидан фойдаланиш, бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.